Юсуф Жума: Элу — юрт қайғусида ўтганларни эслаб туринглар…

Элу — юрт қайғусида ўтганларни эслаб туринглар…

Қузғунларга ёруғ макон —
Кўклар сорларга чанг солди.
Ботирларга келди қирон,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Шовруқлари бўлди тупроқ,
Тупроғини этинг байроқ —
Десам, бўшаб ётар у ёқ —
У ёқда ўзи ким қолди?!

Одил Ёқуб ўтган бўлса —
Кўнглинг ёқиб ўтган бўлса —
Ҳаққа ёқиб ўтган бўлса,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Ботир — Ботир Норбой ўтди,
Эврилмасдан Туронюрти —
Эврил Турон нечун кетди?!
У ёқда ўзи ким қолди?!

Эркин Воҳид эркинлик деб,
Эрку эл — юртнинг ғамин еб,
Ўтдику шеъри — жонга ип,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Бир Дадахон — булбулзода —
Барча куйчидан зиёда,
Булбулни англарми пода?!
У ёқда ўзи ким қолди?!

Турон талон — ерлар кетди ,
Шукруллодай пирлар кетди,
Тоғлар кетди, қирлар кетди,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Усмонжон Ражаб — тозалик,
Гулчеҳра Нур — озодалик,
Ўтдилар — кунлар азалик,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Бу ёқда бош — оёқ — шиддат —
Гоҳо бошдан — оёқ — ҳасрат —
Сўрар Абдурайим Пўлат —
У ёқда ўзи ким қолди?!

Сурув, серка — чўризода —
Сотқиндир — оғзига хода,
Ўрис серкасига мода,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Ёниб кул бўлса ҳам юрт — юрт ,
Дуд бўлса ҳам — жоним — шу дуд,
Бўшлиқ бўлса ҳам — жоним — қут,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Бир кун қайтаман жонкентга ,
Тозалайман — ўчда — ўтда,
Қиличлар пишади — пухта,
У ёқда ўзи ким қолди?!

Киндигим қонидан бошқа,
Ота ошёнимдан бошқа —
Юсуфнинг жонидан бошқа ,
У ёқда ўзи ким қолди?!

2021 йил, 22 май.