Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: Ўғлини осиш учун осмонўпар дор тиклаган ота тўғрисида ривоят
Ўғлини осиш учун осмонўпар дор тиклаган ота тўғрисида ривоят
Уч ўғилни уч ота
Олиб келди оқилга —
Этар тўғри башорат —
Адашмасдан минг йилга…
Бири деди: — Улуғвор
Тангри сояси — доно!
Ўғлимни ўстирганман —
Бўлсин деб юртга подшо…
Боланинг манглайига
Тикилиб деди билган —
Ўғлинг бўлмас ҳукмдор,
Тўғри келмас бу элга…
Иккинчи эр мақташга
Лойиқ зотни мақтади.
Ўғлим шоҳ бўларми деб
Сукут ичра тўхтади.
Йўқ — йўқ! — деди донишманд, —
Фарзандинг бўлмас тождор.
Учинчи кишига дер: —
Боланг бўлар ҳукмдор!
Икки ота ўкинди,
Учинчи ота дер — дод!
Ўксинганлар дедилар —
Ўғлинг шоҳ бўлар — бўл шод!!!
Фиғон чекканча ота
Ташқарига югурди.
Куни бўйи фиғонда
Осмонўпар дор қурди.
Боласи — йигитчани
Келтирди дор остига.
— Осаман! Шоҳ бўлгунча
Кўмилсин ер остига!!!
— Нечун?! — деди оломон —
Додига тўпланганлар.
Подшо бўлса — бахтингку,
Кўп йўлин топмаганлар?!
Ўкинган икки ота
Келди эрнинг ёнига —
Биз дод десак бўлади —
Қолдик дил армонида.
Шоҳ бўлсин деб ўстирдик ,
Тақдир кўрмаскан раво.
Эр дер — болаларингнинг
Бири эр, бири доно!
Бетларидан аёндир ,
Қутлидирсизлар мунча?!
Бачча элга ҳукмдор
Бўлувчи бўлур бачча…
2021 йил, 30 май.
