Юсуф Жума: Улуғ Тангрининг улуғ отларидан бири — ОЛЛОҲдир!

Мен билган китобларнинг бирортасида, мен варақлаган луғатларнинг ҳеч бирида бу муборак сўзнинг маъноси очиб берилмаган. Барчасида жўн изоҳланган.

Албатта — ўқиганимдан ўқимаганим кўп, лекин ислом тарихида туб изоҳи борлигига шубҳам бор.
Фақат мусулмонлар эмас — бутун инсоният шундай — оғзидан чиқаётган сўзларнинг ўзагини билишга интилмайди — нодон ўзбек “ шоир — ёзувчиларидай” — ҳатто ўзбек дегани не деганини ҳам мен яқинда “Ҳаракат”даги мақоламда биринчи бор битдим.

Ислом дунёси уч -турт оятни кўр — кўрона ёдлашдан нарига ўтмаяпти. Инсониятнинг энг қолоқ қатламига айланмоқда — жаҳолат ва мунофиқлик қамраган…
Оллоҳ — ол — оқ — Тангрининг икки сифати — икки оти — икки туркча сўз …
ОЛ- Тангри-қизил -тоза- топ-тоза-юқори- ўта -ўтакетган…
ОҚ — Тангри — тоза — яхши — тўғри — энг тўғри…

Ол юзли деганни бизнинг аҳмоқ шоирларимиз сулувларнинг
ол ёноғи деб тушундилар, тушунтирдилар.
Туб тушунчаси — ол юзли — юзи қизил — Тангри юзли — ичи тоза — иши тоза — йўли тўғри — Тангрининг йўлидаги кишига айтилади. Юзи қора — аксинча…
Сулувларнинг — юраги оқи — тозаси юзи ол аталади.
Оқ — қорани таниш — ажратиш — Тангри билан Тангрисизликни фарқлаш — ҳақ билан ботилни фарқлаш — Қуръонда — фурқондир…. Оқ арабчага ҳақ бўлиб ўтган.

Оқ — оҳ аслида битта сўз — Тангри демакдир…
Оҳ -оҳ демоқ — аслида Тангри — Тангри демакдир..
Кўпинча қайғуни, гоҳида ангни — ҳайратни англатувчи оҳ — оҳ …
Тангри — Тангри — оқ — оқ … демакдир.
Эм — ам — ом — битта сўз бўлганидай оқ — оҳ ҳам битта сўздир.
Эм — ам — ом — яратувчи — Тангри демакдир.

Асли турк бўлган санкритлар тилида ҳам ом яратувчи дегани.
Эмин — амин — омин — Тангри инимиз дегани.
Шу билан бирга бошқа маъноларда ҳам келади.
Барининг ўзаги — Тангридир.

Эм, эмчи, эмгак, омбор, ором – ор — ом…
Оқ билан оҳ ҳам шундай…

Улуғ Нажмиддин Кубро ҳазратлари — ул зотга ва барча улуғларгаТангрининг олқишлари ёғилсин — ҳар жоннинг нафас олиб — нафас чиқариши оллоҳ демакдир деб исбот этганлар.
Шундоқ экан — юракдан чиқадиган оҳ ҳам — дам ҳам Тангри демакдир.
Шайх Муҳаммад Юсуфга ўхшаганларни ҳам ислом олимлари дейдилар —
Йўқ — улар исломда яхши ўқитувчилар холос — исломда ўқитувчи бўлиш ҳам қийин —
рухларини Тангри ардоқласин!

Чинакам олим — Буюк Кубродай кубролар — уч — тўрт…
ОЛЛОҲ — ОЛ — ОҚ — ОЛ — ОҲ — Тангри — Тангри демакдир —
ўта тоза — ўта кетган тоза — энг тоза, энг юқори, энг тўғри — Тангри демакдир!!!

Ўзига чексиз олқишлар бўлсинким — балки бу ҳақиқатни мендай нодонга биттириш учун минг йиллар Ўзида сақлаб — ўзгаларга биттирмай келгандир…

Менинг бесонлигимга шубҳа йўқ, сенинг танҳолигингга шубҳа йўқ!!!
Менинг ёмонлигимга шубҳа йўқ, сенинг подшолигингга шубҳа йўқ!!!
Юсуфдай аҳмоқни кечирмасанг — оқиллигингга шубҳа тушмасми?!!
Менинг нодонлигимга шубҳа йўқ, сенинг донолигингга шубҳа йўқ!!!

Инсониятда диндан кўра, кўр — кўроналик кучлидир.
Дин номидан оқиллардан кўра кўр -кўроначилар кўп ва нохўб гапирадилар.
Исломда демократия йўқ, бу икки йўл бир — бирига ётдай — душмандай деб тушунтиришадилар. Тўғри айрим томонлари шундай.

Лекин демократиянинг ўзаги — сўз эркинлиги исломда демократиядаги сўз эркинлигидан ҳам ортиқдир.

Абиса — қош чимириш сураси — сўз эркинлигининг чўққисидир — чексизидир. Тангрининг улуғ элчиси — Тангрининг олқиши бўлсин — динга нафи тегувчи номдор кишилар билан сўйлашаётганда — бир оддий одам пайғамбар ҳазратларига гапира бошлайди.

Элчи қошларини чимирадилар.
Гарчи бундай йиғинда четдан бир кишининг гап қўшиши ноўрин — бизнинг ўлчовда.
Лекин Тангри ўлчовида-чи?!

Киши сўйлаётганда охиригача эшитиш шарт ва эшитаётганннинг ҳатто қош чимиришга ҳам ҳаққи йўқ, ҳатто пайғамбар бўлса ҳам!!! Қайси ислом давлатида шундай — Саудиядами, Эрондами ?!…. Ислом дунёсида на исломни тушунадиган давлат бор, на исломда яшаётган давлат бор.

Эронда сўзи учун дорга тортилаётганлар йўқми?!…
Улиси — асоси бўлмаган ҳукмларни ислом номидан чиқариш — исломга хиёнатдир.

Кўпчилик Алишер Навоий ҳазратларининг қўшиққа, куйга ёт бўлганликларидан,
қўшиқ шариатга тўғри келмаслигидан тортишмоқдалар.
Наҳотки бу эл шу қадар тубанлашди — нахотки ҳеч ким Мир Алишер ҳазратлари куй ёзганларини, қўшиқ куйлаганларини билмаса…

Наҳотки ҳеч ким “Бобурнома”ни ўқимаган бўлса…
“Яна мусиқада яхши нималар боғлабтур.”

Бобурнома. 154 — бет, А. Навоий ҳақида.

* * * * *

Очун — очун ойдиним,
Ойдин — ойдин очуним.
Ораздан оёққача —
Олмазор — ол олмали.
Ол оҳларим осмонда,
Ололмай ол олмани.
Оллоҳим — ол оҳмисан,
Ол оҳим — оллоҳмисан?!

Ошёни — оҳларимдир,
Остони — оҳларимдир.
Оташ — оташ оҳларим —
Осмони — оҳларимдир!
Оллоҳим — ол оҳмисан,
Ол оҳим — оллоҳмисан?!

Олисда олмазорим,
Олларига олқишим!
Олисликдан ожизман,
Олис оппоқ оққушим.
Оллоҳимга олқишим —
Ол оҳимга олқишим!!!
ОЛЛОҲИМ — ОЛ ОҲМИСАН ,
ОЛ ОҲИМ — ОЛЛОҲМИСАН?!!!

2021 йил, 3 июнь