Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: Қайда ёлғон йўқ десалар…
Қайда ёлғон йўқ десалар,
Барча ёлғон ўша ерда.
Қайда ёмон йўқ десалар,
Барча ёмон ўша ерда.
Ботқоқнинг қай ери сара?!
Очун бир ботқоқ — боқ — қара:
Қайда ўпқон йўқ десалар,
Барча ўпқон ўша ерда.
Қайда яшаб кўрсанг узоқ,
Англайсанки — тузум — тузоқ.
Қайда шайтон йўқ десалар,
Барча шайтон ўша ерда.
Юсуф кўнгли беармондир —
Деманглар, юрагим қондир.
Қайда армон йўқ десалар,
Барча армон ўша ерда.
2021 йил.
* * * * *
Сен келаман деган жойдан,
Мен қочолмай доғдадирман.
Доғлар қолган куну ойдан,
Мен қочолмай доғдадирман.
Кўрмай дердим — яшноқ, учмоқ,
Келиб билдим — тубсиз тузоқ,
Аждаҳо — ҳар оғзи ўчоқ,
Мен қочолмай доғдадирман.
Тарқалса очунга бор эр,
Ҳар юртдан ҳар бириси дер:
Ҳой дўст, келма, бу ерга — ер,
Мен қочолмай доғдадирман.
Алданган бор бекалладан —
Энг нодони — ҳақ қарғаган —
Адолат бор деб алданган,
Мен қочолмай доғдадирман…
Ёву ёрдан алданган кўп,
Вале барча билади хўб —
Ҳақиқат йўқ — ҳар ер нохўб,
Мен қочолмай доғдадирман.
Тангрига терс қарорлари —
Тўрларида беорлари,
Ётларга ёрдир ёрлари,
Мен қочолмай доғдадирман.
Фақат орли сўзидир — сўз!
Бошқа сўзи — ёлғон — кўз — кўз,
Қани тузук — қани номус?!
Мен қочолмай доғдадирман.
Бил — борар жойингни роса,
Билмай отланган — норасо,
Очиқкўз юрмас беасо,
Мен қочолмай доғдадирман.
2021йил, 4 август.
* * * * *
Бу очун менгзайди ёғий овига,
Ҳукми: ёқ ўтида, чўкдир сувига.
Ўлдирмоқчи бўлсанг қайсидир элни
Тарихини буздир — ёздир ёвига…
2021 йил, 7 август.
* * * * *
Тоғ азизми, мен — азиз?! Кўк азизми, мен — азиз?!
Қайси бирига берган Тангри — ўлмайдиган сўз?!
Ҳикмат — Ўзидан ўрин, ўрним кўпдир Ўзида,
Икки уфқ — қошимда осмон чўккан икки тиз!
2021 йил, 7 август.
* * * * *
Фақат отим — Ботир, дер эди ўктам —
Фидо Ботир Норбой, эслайман пурғам.
Айрилиқдан қўрқув юрагимда жам,
Эсиз Ботир эмас — ҳатто отим ҳам…
2021 йил, 1 авгуcт.
* * * * * *
