Юсуф Жума: ХУДО АҚШ ФУҚАРОСИ!

Энг катта жиноят!

Гарчи айбим камдир, эгам —
БируБорга юкинаман.
Ёқтирмаслар мени нега —
Бир озгина тушунаман.

Биалогик қурол — ҳаво,
Суву ёғду, ўкинаман.
Қиморхона — ёвуз дунё,
Бир озгина тушунаман.

Энг даҳшатли вирус — фойда —
Очкўзликдир, сўкинаман.
Нечун таъқиб — борсам қайга,
Бир озгина тушунаман.

Инсоният — тушунмаслар,
Мен-чи, Тангрига энаман.
Мени тинчитмай тинмаслар,
Бир озгина тушунаман.

Биалогик қурол — тузум,
Шу тузумнинг тутқуниман.
Бир озгина очиқ кўзим —
Бир озгина тушунаман!

2021 йил, 5 октябрь.

* * * * *

Худо АҚШда тўғилган,
Худо — АҚШ фуқароси.
Топинади инсоният,
Талпинади бор подшоси.

Ҳар бир кўнгилда султондир,
Қироллар ҳам қароллари.
Тангрим, сени танимаслар,
Худо — АҚШнинг доллери.

2021 йил, 5 октябрь.