Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: Ҳеч ким ишонмайдиган ҳақиқат
Эй эр, сенга қарши бирлашса жаҳон,
Тирларига этса кўксингни нишон.
Бир ўзинг енггасан, битта шарти бор —
Тангрига ишончни кўпайтир чандон!
Сен енгиб ўтасан барча хатарни,
Доғда қолдирасан бутун башарни.
Мабодо енггилсанг — кўргин ўзингдан,
Демакки, ишончинг эмас етарли…
2022 йил, 15 апрель.
* * * * *
Дерлар — “барча учун жон тикарсан бетин, лекин
Ҳеч кимдан бир умр бир яхшилик кўрмадинг — чин.”
— Мен паст, вале жонимни тикканларимдан бирон
Яхшилик кутгудек паст кетмасман ҳаргиз — ойдин.
Дерлар — “ярим жонингни этдинг ҳаммага қалқон,
Эвазига ҳаммадан ёмонлик кўрдинг чандон”.
— Мен — нодон, лек жонимни тикканларимдан чексиз
Ёмонлик кутмасчалик нодон эмасман — аён.
2022 йил, 16 январь.
* * * * *
Тарбия — эрдам — элак,
Кимдандир тиклар хирмон.
Кимдандир чиқмас бир дон,
Дала ҳам, уруғ ҳам қон…
Тарбия — эрдамдир банд —
Бўлса кўк, бўлса пўлат,
Қон серқусурми — оқим
Тошиб тешади — офат.
Банддир — тарбия — эрдам,
Банд — ҳатто қил бўлса ҳам —
Қон тоза бўлса, тошмас,
Оқизмас, қусури кам…
2022 йил, 5 май.
* * * * *
Сотқиннинг садоқати
Иши — сотқинликдир — фақат хиёнат,
Лекин дема умри шундан иборат.
Етмиш етти пушти хоинлик этган,
Этар сотқинликка чексиз садоқат…
2022 йил, 4 май.
* * * * *
Нодонлар дардида тонг отирмагин,
Унсинлар деб ёниб — кун ботирмагин.
Боши борлар учун бош қотир, вале
Боши йўқлар учун бош қотирмагин…
2022 йил, 6 май.
* * * * *
Қилсам пайғамбарлар ҳикматларин жам —
Кучи бир сўзимнинг қудратидан кам:
Ўзгалар тунини оппоқ тонг этиб,
Ёниб битмагунча тоза бўлмас шам…
2022 йил, 6 май.
