Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: ТИЛИМ УЗУН — ТАНГРИ ТИЛИ, ҚЎЛИМ УЗУН — ТАНГРИ ҚЎЛИ, ЙЎЛИМ ТЎҒРИ — ТАНГРИ ЙЎЛИ…
Кимнингдир йўли бўлмаса,
Унинг тўғри йўли бўлдим.
Кимнингдир ўғли бўлмаса,
Унинг таянч ўғли бўлдим.
Ноҳақликка йўлиқса ким —
Қалқон бўлдим, турмадим жим,
Бўлса кимнинг кўнгли ярим,
Унинг бутун кўнгли бўлдим.
Балки кичик, балки катта,
Ёвузлик — хон ҳар давлатда,
Бўлса кимнинг қўли калта,
Унинг узун қўли бўлдим.
Мени сотмагани йўқдир,
Тошлар отмагани йўқдир,
Гарчи эрхўр — кўзи суқдир,
Номард элнинг эли бўлдим.
Чироқсизга бўлдим — чироқ,
Ёлғизларга очдим қучоқ,
Чўкаётганга бошим — тоғ,
Чанқоқларнинг сели бўлдим.
Тутқунликда тутқунларга —
Айландим кунли кунларга —
Кун бермадим қузғунларга —
Лочинларнинг феъли бўлдим.
Эр,бўл ўгитимда ўтроқ,
Чинни айтган — мангу байроқ,
Қандоқ бўлсам — бўлгин шундоқ,
Тилсизларнинг тили бўлдим.
Тилим узун — Тангри тили,
Қўлим узун — Тангри қўли,
Йўлим тўғри — Тангри йўли,
Йўлимда бўл — йўли бўлдим!!!
2022 йил, 11 октябрь.
Одамзотга энг қисқа ва энг улуғ дарслик!
Отангга не яхшилик этдинг,
Ёз — десалар, мен ер чизаман.
Онангга не яхшилик этдинг,
Ёз — десалар, мен ер чизаман.
Сенинг учун ўртанганлар бор,
Сендан нима кўрди дўсту — ёр,
Ярадингми бўлганида хор,
Ёз — десалар, мен ер чизаман.
Нима қилдинг элу — юртингга,
Ҳар кун сўра — ўзингдан, толма.
Мендек ёнма пушмон ўтида,
Эй дўст, мендек ер чизиб қолма…
2022 йил, 9 октябрь.
Шулар…
Бурундан беш -ўнга ёғдиргандим шон,
Жанг бўлса, бўлар деб шулар қаҳрамон.
Шулар сотқин чиқди — барчадан бурун,
Инсонни мақташда шошилган — нодон.
2022 йил, 13 октябрь
Гарчи сотқин эди, лек бўлса имкон
Ҳақни айтар эди, ўтди, мен гирён.
Боқ,эл қанчалик паст — шундайлар ҳам йўқ,
Шундайлар ҳам армон, юрт — ёнган ўрмон…
2022 йил, 13 октябрь.
Менга ўз юртимда барча эди ёт,
Ёт юртда барча ёт бўлмасми, ҳайҳот.
Энг тиқис — зич нарса очунда ётлик,
Энг сийрак нарсадир очунда дўстлик.
2022 йил, 13 октябрь.
Байрам.
Улуғ Абдурайим Пўлатга.
Хавотирим ўртайди — дўстдан бўлмаса дарак,
Дарак берса — байрамим — ушалар улуғ тилак!
Ҳар куним байрам бўлсин, Тангрим, бўлгин хабардор,
Ушалмас тилаклардан — ушалиб битар юрак…
2022 йил, 13 октябрь.
Хотирам чексиз ёмон — ўзимнинг эиёнимга,
Ўзимни унитаман, ўзгалар фиғонида.
Бошқалар хотираси бундан ҳам ёмон, фарқ не —
Ўзгаларни унитар, ўзининг давронида…
2022 йил,12 октябрь.
Бетин ишлар экан қулларинг, нечун
Барининг бошига урасан бетин?
Тентак бўлсин, оз ер, ўз тезагини
Ўзи еб тўяди, ишлайди текин…
2022 йил, 9 октябрь.
Нечун ерга юкин деб айтган Тангри,
Диндор боши бўлмас — Ўзидан айри.
Ер юзи -Туроним, ерга бош эгсам —
БируБор еримга бош урар — майли…
2022 йил,9 октябрь.
Ариқнинг тўлқини ариқда қолар,
Денгизнинг тўлқини кўкка чанг солар!
Юракдан юракнинг фарқи шунчалик,
Юрагим кўшкидан Тангрини олар!!!
2022 йил, 10 октябрь.
Қўлладинг — кучинг билан подшоларни синдирдим,
Ўгит бердинг, БируБор, доноларни синдирдим.
Лек синдира олмадим — чексиз нодонлигимни,
Десайдим — бошимдаги балоларни синдирдим.
2022 йил, 11 октябрь.
Серилонли жар ўзандан бетин — доимо
Сел оқса ҳам, сой оқса ҳам, оқса ҳам дарё,
Холи бўлмас — илонлардан, аждаҳолардан,
Инсон ҳам шу — сабоқ билан ўзгармас асло.
11октябрь, 2022 йил.
Сулув — оғу, оппоқ оғу, чиройи — кўркидир бол,
Қанча қўшган бўлса — шунча адаштирар бемалол.
Тоза бол деб, роса тотиб, сўнгги йўлга отландинг,
Қутлуқ бўлсин — ёғоч отинг, манзил яқиндир, от сол!
2022 йил, 11 октябрь.
Узундан — узун бир улкан аждаҳо,
Бошдан — оёғи бош, бош — оёғ калла.
Изма — из юриб ер мени доимо,
Ҳар олов оғзида мендан бир тилка.
Ҳар қадамим — боши, юрсам кетма — кет
Боши кўпаяди биттага, эвоҳ.
Аждар — умр йўлим, пушаймоним — ўт,
Адашган гумроҳман, адашган — гумроҳ.
Бирон бир одимни отмабман тўғри,
Тилакка тескари юрибман узоқ.
Дўст, мендай яшама — эсингдан айри,
Йўлинг оқ бўлмаса — бахтинг бўлмас оқ…
2022 йил. октябрь.
