Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума:ТУЗУКЛАШИНГ ТАНГРИ ТУЗУКЛАРИДА, ОРЛАШИНГЛАР, СОФЛАШИНГЛАР, ЎЗБЕКЛАР…
Ғийбатлашинг, лофлашинглар, ўзбеклар.
Миш — мишларни тўплашинглар, ўзбеклар.
Эски ёғий — орсиз ўрис остида
Кўпайишинг, кўплашинглар, ўзбеклар.
Тамуғинггиз шу очундан бошланди,
Жаҳаннамда сафлашинглар, ўзбеклар.
Оранггиздан бирон орли кўкарса,
Туфлашинглар, чаплашинглар, ўзбеклар.
Йўқса сиз ҳам олий бўлинг — эл бўлинг,
Юрт дардидан гаплашинглар, ўзбеклар.
Ўч олинглар,сотқинлардан, ёвлардан,
Имон йўлин эплашинглар, ўзбеклар.
Тузуклашинг Тангри тузукларида,
Орлашинглар,софлашинглар,ўзбеклар.
19 февраль, 2023 йил.
* * * * *
Гил эмасдир ўзга юртлар гиллари,
Чинакам гил Қоракўлнинг гилидир.
Йўл эмасдир ўзга юртлар йўллари,
Чинакам йўл Қоракўлнинг йўлидир.
Боларилар бол йиғмайди гуллардан,
Йиғадилар қизлар ўтган йўллардан,
Бол ёғилар юзларидан — оллардан,
Чинакам бол Қоракўлда бўлади.
Қуёш кўкка юзларидан юқади,
Чинакам кун Қоракўлдан чиқади,
Оташидан бол кўллари ёғади,
Чинакам кўл Қоракўлда бўлади.
Қўли ширин — болдир бармоқ излари —
Сели ширин — асал сели — ислари,
Тили ширин — тоза ўғиз сўзлари,
Чинакам тил Қоракўлда бўлади.
Чин эр чиқса очуннинг қай еридан —
Унган Бойкент эрларининг эридан,
Турон унсин Ўғизхоннинг тўридан,
Чинакам эл Қоракўлда бўлади.
2023 йил, 16 февраль.
* * * * *
Яратма Ўзингни билмаганларни,
Яхшидир дунёга келмаганлари.
Ўлган дўстларим деб ичим ёнади,
Менга ташланади ўлмаганлари…
2023 йил, 18 февраль.
* * * * * * * * * *
