Юсуф Жума: ЎЧНИ ЎЗИНГДАН БОШЛАГИН – НОДОНЛИГИНГДАН ҚАСОС ОЛ!…

Ўчни ўзингдан бошлагин,
Нодонлигингдан қасос ол!
Юмиқ кўзларинг — кўр юмрон,
Юмронлигингдан қасос ол!

Кимда бўлса бирон ўгит —
Удир — Тангри кўшки — Бошкент.
Оёғига бош уриб ўт,
Ҳайвонлигингдан қасос ол!

Қўли очиқ — кўнгли очиқ —
Яхшиларнинг йўли очиқ,
Қаттиқнинг қисмати аччиқ,
Тубанлигингдан қасос ол!

Сотқинлар қолмасин омон,
Юрт ёвига солгин қирон.
Энг бурун эмасдир осон —
Ёмонлигингдан қасос ол!

Қўрқоқлигингни синдиргин,
Элу юртга эрк эндиргин,
Бўйинсунма, бўйсундиргин,
Бесонлигиндан қасос ол!

Ҳар одиминг бўлсин қасос —
Тангрининг йўлида парвоз,
Юсуф, нодон Юсуф — носоз —
Нодонлигингдан қасос ол.

2023 йил, 13 апрель.

* * * * *

Ўрин талашмадим ҳеч ерда, ҳеч чоғ,
Ўрин талашмасдан топганман ўрин.
Менман очунда энг биринчи аҳмоқ,
Энг биринчи осий, ким дер ноўрин?!

Ўзи баланд бўлса қанчалик — қанча,
Пастлардан пастдирман шунчалик — шунча.
Борлиқ — Улуғ Тангри тўрлаган давра,
Тўр талашар мендан ташқари барча…

Ўрнини билганлар Ўзига яқин,
Айирмасин эсдан — бор дардга эмдан.
Билишинг шарт: қайда турибсан, тағин
Кимларнинг ичида ва ўзинг кимсан?!

2023 йил, 13 апрель.