Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: ҲАР ҲАДИС — ТАНГРИДАН ҲИССА -ЎЗИДАН ТУШГАН МЎЪЖИЗА, ҚОШИДА НЕ СИРЛИ ҲАССА?! — БУЮКЛИГИГА ШУБҲАМ БОР…
Фирдавсий — ёлғончи, эзма,
Буюклигига шубҳам бор.
Сўз ҳикмат бўлмаса — чўзма,
Буюклигига шубҳам бор.
Ҳикматдир Тангрининг бўйи,
Сўз эмасдир ундан қуйи,
Буюк аталганлар войи —
Буюклигига шубҳам бор.
Бўлсанг ҳам Мусо — динда бий,
Бўлмасанг Мусо Хоразмий,
Мен билан шон талашма, қўй,
Буюклигига шубҳам бор.
Улуғларнинг карвонида —
Катта хато бор сонида —
Ким Ибн Сино ёнида?! —
Буюклигига шубҳам бор.
Ҳақ донғи — Муҳаммад элчи —
Қонимда қонидан томчи —
Ўғиз ўғли, ўзга ҳиччи —
Буюклигига шубҳам бор.
Ҳар ҳадис — Тангридан ҳисса —
Ўзидан тушган мўъжиза,
Қошида не сирли ҳасса,
Буюклигига шубҳам бор…
Омборчинг бўлай, БируБор,
Ҳикмат омборингда пойдор,
Де: Юсуфдан бошқадир хор —
Буюклигига шубҳам бор.
2023 йил, 17 апрель.
* * * * *
Бир қўшоқ — қўшалоқ — икки севишган.
Туну — кун қовушган, фақат қовушган.
Очундан ўтдилар, бошланди сўроқ,
Билмаслар Тангри ким, не тамуғ, учмоқ?!
Тамуғга ташлашди, уларга нима —
Икки оташ ўтда ёнарми сира?!
Тағин ўша — ўша икки севишган —
Оловлар оловлар ичра қовушган.
Дўзахда тўғилди улардан бола —
Оташлардан оташ тўраган тоза.
Болани учмоққа олиб ўтдилар,
Азиз амри билан азиз тутдилар.
Болакай жаннатни ларзага солди,
Оёғини ерга тиради — олди:
Тўғилган жойимга кетаман деди,
Учмоқ эди — чунки она кент эди.
Йўқ, йўқ, бу учмоқ деб куйладилар кўп,
Бола дер: тўғилган ерим бундан хўп.
На учмоқ, на Ўзи бўлолмайди тенг,
Жаҳаннам бўлса ҳам она юртим кенг!…
2023 йил, 17 апрель.
* * * * *
Ҳатто икки оёғи гўрда барча — барчанинг,
Кексами — ёш, сақласин, ҳаёт қалтис шунчалик.
Ҳақиқатни айтсанг-чи, юзингни оқ этсанг-чи,
Имкон — уч — тўрт кун, балки узоқ эмас унчалик…
2023 йил, 16 апрель.
* * * * *
Ўзидан ўтганни билади ҳар ким,
Менинг бошқалардан фарқим бор — шулким —
Биламан ўтганин бошқалардан ҳам,
Мазлумлар дардида турғунман — муқим…
2023 йил, 16 апрель.
